Дональд Трамп президентликнинг биринчи йилидаёқ Фаластинга молиявий ёрдамни ўн йилликдаги минимум даражага қадар қисқартирди.

Оқ уй раҳбарининг Ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиш бўйича қарори билан боғлиқ кескинлик фонида, Дональд Трамп янги йилнинг биринчи кунидаёқ Исроил манфаатига мос тушувчи навбатдаги қадамни қўйди ва Фаластинга молиявий ёрдам ҳажмини камайтирди, деб ёзади «Анадолу» агентлиги.

АҚШ етакчиси ўзининг президентлик муддати бошидан Исроил билан мулоқот қилишдан бош тортаётган Фаластин ҳукуматига санкциялар билан таҳдид қилганди.

АҚШ ҳукумати томонидан ҳар йили ажратилувчи ташқи молиявий ёрдам ҳажми ушбу мамлакатнинг ЯММ билан таққослаганда жуда камдир.

Шу билан бирга, Вашингтонни молиявий ёрдамдан “сиёсий шантаж” дастаги сифатида фойдалангани учун фаол тарзда танқид қилиб келишади.

«Анадолу» агентлигининг АҚШ Давлат департаменти ва Халқаро тараққиёт бўйича агентлик – USAID’даги манбалардан олган маълумотларига кўра, Вашингтон сўнгги 23 йилда Фаластинга 8 млрд долларлик ҳажмда молиявий ёрдам ажратди.

Эслатиб ўтамиз, 3 январь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Фаластинга «жуда катта миқдордаги пулларни» ажратиш бўйича масалани қайта кўриб чиқиш лозимлиги ҳақида маълум қилганди.