Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «AKFA MEDLINE» МЧЖ таклифига асосан Ўзбекистонда Корея Республикасининг етакчи олий тиббий таълим муассасаларидан бирининг фаолияти ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президентининг «Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида»ги қарорида маълумот берилган.

Маълум қилинишича, Корея Республикасининг илғор клиникалари ва тиббиёт марказларининг диагностика, даволаш, сервис ва менежемент масалалари бўйича тиббий хизмат кўрсатиш тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистонда тиббиётга жорий этиш учун улар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Корея Республикасининг тиббиёт марказлари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда «AKFA MEDLINE»​ МЧЖ хусусий клиникаси негизида тиббиёт муассасаларини ривожлантириш ва маҳаллий тиббиёт кадрлари малакасини ошириш Марказини ташкил этиш кутилмоқда.

Шунингдек, «AKFA MEDLINE»​ МЧЖнинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш бўйича таклиф ҳам Шавкат Мирзиёев томонида маъқулланган. Ушбу таклифларни амалга ошириш бўйича дастур лойиҳаси тасдиқланиши учун 2018 йил январь ойида Вазирлар Маҳкамасига киритилиши белгиланган.

Қарорда таъкидланишича, ҳар бир ҳудуд учун 1 миллион АҚШ доллари миқдорда ресурслар ҳажмини назарда тутган ҳолда, «Асака» АТБ қошидаги нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармасининг 14 миллион АҚШ доллари миқдордаги маблағлари шакллантирилади.