Номаълум кимсалар Венециянинг Дожлар саройида ташкил этилган ҳинд зеб-зийнатлари кўргазмасидан бир нечта қимматбаҳо буюмни ўғирлаб кетишди. Ўғирланган буюмлар қиймати бир неча миллион еврони ташкил қилиши мумкин.

Ўғирлик 3 январда эрталаб юз берган. Кузатув камералари икки жиноятчи витриналардан бирини очиб, сигнализация ишлаганига қарамасдан воқеа жойидан яширина олганларини қайд қилган.

Ўғрилик кўргазманинг охирги куни амалга оширилган. Кўргазмада Буюк Мўғуллар даврига мансуб, шайх ал-Соний коллекциясида сақланувчи 270 та зеб-зийнат тақдим қилинганди.

Repubblica нашрининг маълум қилишича, ўғрилар тўғнағич ва иккита зирак ўғирлашган. Бу буюмларнинг декларация қилинган нархи 30 минг еврони ташкил қилади, бироқ асл нархи бир неча миллион долларга етиши мумкин.

Венеция полиция бошқармаси бошлиғи ўғрилик унда шубҳа туғдираётганини айтган. У зеб-зийнатлар сақланган витрина бунчалик осон очилгани ва тревога сигнали кечикиш билан янграганини аниқламоқчи.

Ўғриликнинг барча тафсилотларини аниқлаш учун Римдан мутахассислар чақиртирилган. Шунингдек, ўз навбатида кўргазма ташкилотчилари ўғирланган буюмларнинг аниқ нархини билиш мақсадида уларнинг суратларини Лондонга жўнатишган.