Яманда охирги ойларда бўғма касаллигидан 46 киши вафот этди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Яманда бу касалликдан вафот этганлар сони кўплигидан ташвиш билдирмоқда. Бу ҳақда 5 январда ташкилотнинг вакили Тарик Язаревич маълум қилди.

“Яманда бўғма тарқалмоқда: 4 ойдан камроқ вақт ичида 471 кишида бу касаллик аниқланган, 46 та ҳолат ўлим билан якунланган. Ўлим даражаси деярли 10 фоизни ташкил қилмоқда ва бу жуда хавотирлидир”, деб айтган Язаревич.

Унинг таъкидлашича, бўғмадан касалланганлик ҳолатлари кўпроқ Ибб ва Ал-Худайдо вилоятларида қайд қилинган. Айниқса Ибб вилоятидаги вазият ташвишлантирмоқда: бу ерда 231 киши бўғмага чалинган ва 13 киши ундан вафот этган. “Бўғма 18 та вилоятда тарқалган”, деб айтган ЖССТ вакили. ЖССТ вазиятни баҳолаш учун Яманда ўз мутахассислари гуруҳини жойлаштирган ва бу касалликка қарши курашда Яман соғлиқни сақлаш идоралари билан ҳамкорлик қилмоқда.

Бўғма касаллиги Corynebacterium diphtheriae бактерияси билан чақирилувчи юқумли касаллик бўлиб, унинг аломатлари секин-аста юзага чиқади: аввал томоқ оғрийди ва ҳарорат кўтарилади, сўнгра нафас йўллари ёпилиб қолади. Касаллик алоқа қилганда ёки ҳаво-томчи йўли билан юқади. Бу касалликнинг олдини олиш учун эмлаш ўтказиш лозим. 

Бир неча йилдан бери фуқаролик уруши гирдобида қолган Яман аҳолиси орасида аввалроқ вабо эпидемияси тарқалганди.