Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 3 январь куни имзоланган, 5 январдан қонуний кучга кирган, «Алоҳида давлат органлари фаолиятининг такомиллаштирилиши ва фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясини кафолатлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши билан боғлиқ Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунчилик ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунга кўра Оила кодексида назарда тутилган ажраштириш механизмига ўзгартиришлар киритилди.

Энди судлар ва ФҲДЁ органлари яраштирув комиссияларига улар зарур чораларни кўриши учун ёзма равишда билдиришнома жўнатади. Билдиришнома эр-хотинларнинг биргаликда истиқомать қиладиган фуқаролар йиғинига, агар улар алоҳида яшашса — уларнинг ҳар бири яшаётган жойга жўнатилади.

Суд томонидан ярашиш учун муддат белгилангани ёки ажрашиш иши бўйича суд мажлиси қолдирилгани; шунингдек ФҲДЁ бўлимига ариза ташланганидан бошлаб уч кун муддат ичида билдиришнома жўнатилади.

Маълумот учун: Оила кодексининг 42- ва 43-моддаларига кўра никоҳ ФҲДЁ бўлими томонидан бекор қилинади, қолган барча ҳолатларда суд тартибида ҳал қилинади.

Оила кодексининг 42-моддаси. Эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратиш.

Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.

43-модда. Эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратиш

Агар эр-хотиндан бири:

- суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

- суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;

- содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади.

Агар болалар ҳақида, эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр (хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса, улар никоҳдан суд тартибида ажратилади.

Суд иш бўйича мажлисни кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойлик муддат тайинлашга ҳақли.

ФҲДЁ органларида никоҳни бекор қилиш ариза топширилган кундан уч ой ўтиб қайддан ўтказилади, яъни бу эр-хотинни ушбу тартиб бўйича яраштиришнинг чекланган муддатидир.

Қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди 2018 йил 5 январдан кучга кирди.