Аргентина ҳукумати қимматли қоғозларнинг халқаро бозорида 5, 10 ва 30 йиллик муддатга умумий миқдори 9 млрд доллар бўлган облигацияларни жойлаштирди. Бу ҳақда республика Молия вазирлиги хабар берди.

Беш йиллик облигациялар бўйича ставка 4,625%га тенг бўлди, ўн йиллик - 6%, ўттиз йиллик - 6,95%. "Бу Аргентина тарихида қимматли қоғозларни долларларда халқаро бозорга чиқариш бўйича энг паст ставкаларга айланди", - дейилади хабарда.

Аргентина молия вазири Луис Капутонинг таъкидлашича, олинган маблағлар "2018 йилги молиялаштиришдаги эҳтиёжларни тахминан тўртдан уч қисмга ва бюджет билан жорий йил учун назарда тутилган инфратузилмага сармояларнинг 50%дан ортиғини қоплайди". Идора маълумотига кўра, Аргентина умумий ҳисобда 450 дан ортиқ сармоядордан 21,4 млрд долларлик заявкалар олди.

Аргентина 15 йил давомида халқаро бозорда ўз облигацияларини жойлаштириш имконидан маҳрум эди, бунга 2001 йилдаги дефолтдан сўнг республика қарзини қайта тузишдан бош тортган кредит берувчилар билан суд баҳси сабаб бўлган. Ҳокимият тепасига президент Маурисио Макри маъмурияти келгач, Буэнос-Айрес қимматли қоғозлар эгалари билан музокаралар бошлади ҳамда айни дамга келиб баҳсларнинг 98 фоизига ечим топиш бўйича келишиб олди.