2017 йил якунларига кўра, Латвиянинг AirBaltic миллий авиакомпанияси тўртинчи йил кетма-кет дунёнинг энг интизомли авиаташувчиси деб тан олинди. Британиянинг OAG компанияси 57 миллиондан зиёд рейсларнинг ўз вақтида парвоз ва қўнишни амалга оширганини таҳлил қилиш натижасида тақдим этган маълумотлари шундан далолат бермоқда. 

AirBaltic матбуот хизматининг хабар беришича, OAG маълумотларига кўра, авиакомпания ўтган йили интизомга риоя қилиш бўйича 90,01 фоиз кўрсаткичга эришган. Бу Латвия авиакомпанияси ўтган йили 100 та рейсдан 90 тадан ортиғини ўз вақтида амалга оширганини билдиради. 

Фото: EPA

"Бизнинг мижозларимиз интизомли хизматларга умид қилишлари мумкин. Ўтган йил AirBaltic учун энг фаол йиллардан бири бўлди. Парвозлар сони ошди, рекорд даражадаги йўловчилар ташилди", - деди авиакомпания директори Мартин Гаусс.

AirBaltic 1995 йилда ташкил қилинган. Компания 80 фоизга мамлакат ҳукуматига тегишли, 20 фоизга эса - хусусий инвесторларга. Авиаташувчи Рига, Таллин ва Вильнюсдан дунёнинг 60 мамлакатига рейсларни амалга оширади. Компания ҳаво флоти таркибига 30 самолёт кириб, булардан еттитаси - Bombardier CS300, бештаси - Boeing 737-500s, олтитаси - Boeing 737-300 ва ўн иккитаси - Bombardier Q400 NextGen.