Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси сайёҳлик турлари, меҳмонхона хоналарини электрон сотувлари учун замонавий технологияларни жорий этишга имтиёзлар тақдим этиш орқали маҳаллий туроператорлар ва меҳмонхоналарнинг туризм хизматлари халқаро бозорида рақобатбардошлигини ошириш ниятида.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, «бугунги кунда маҳаллий туристик операторлар ва меҳмонхоналар ўзининг хорижий рақобатчиларидан сайтларида бронлаш, эквайринг, хорижий сайёҳлар томонидан Ўзбекистонга меҳмонхона хизматлари ёки турларини сотиб олишда электрон тўлов имкониятининг йўқлиги туфайли анча орқада. Бу вазиятлар сабаб туристлар, айниқса хусусий сайёҳлар Ўзбекистонга туристик хизматларни ўз сайтларида тегишли сервисларга эга хорижий туристик компаниялардан харид қилишни маъқул кўрмоқда.

Шунингдек, бу муаммо ички сайёҳларга ҳам тааллуқли – сўнгги вақтларга қадар сайтида республика фуқароси турни, масалан Самарқандга онлайн-режимда харид қилиб, тўловни банк картаси орқали амалга ошириши мумкин бўлган биронта ҳам сайёҳлик компанияси йўқ эди. Яқиндагина Asiatour (www.turshop.uz) сайёҳлик компанияси томонидан шундай хизматларга эга сайт синов лойиҳаси сифатида ишга туширилди. Қўмита бундан кейин ҳам туристик бозор иштирокчиларининг шундай ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлайди».

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бу муаммони бронлаш, эквайринг, харид қилинувчи хизматларга электрон тўловни амалга ошириш ва бошқа онлайн-сервисларни, шунингдек ўзининг кўп тиллик сайтини татбиқ этаётган туристик фаолият субъектларига солиққа тортилувчи базадан IT-технологиялар жорий этилишига кетувчи харажатларни олиб ташлаш кўринишида солиқ имтиёзларини тақдим этиш йўли билан ҳал қилишни таклиф қилмоқда.