Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 5 январдаги 1-мҳ-сон буйруғи билан (рўйхат рақами 2960, 2018 йил 5 январь) адвокатлик тузилмаларининг статистик маълумотлар шакллари янги таҳрирда тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Эндиликда статистик маълумотлар йилда бир марта – ҳар йилнинг 10 январь кунига қадар тақдим этилади. Бунда статистик маълумотлар фақат электрон шаклда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг расмий сайти орқали юборилади. Аввалги таҳрирга кўра ҳар 6 ойда бир марта, қоғоз ва электрон шаклда топширилиши лозим эди.

Янги статистик маълумотлар 4 та соддалаштирилган (2,5 бараварга қисқарган) шакллардан иборат. Улардаги тўлдирилиши лозим бўлган кўрсаткичларнинг умумий сони 46 тани (аввалгига нисбатан 3,4 бараварга кам) ташкил этиб, кескин равишда қисқартирилди.

Қайд этилишича, статистик маълумотлар шаклларини ишлаб чиқишда тажрибали адвокатлар ва бошқа малакали ҳуқуқшуносларнинг таклифлари инобатга олинган.

Мазкур буйруқ 2018 йилнинг 10 январидан бошлаб кучга киради.