АҚШ ваъдасида турмай, суриялик курдлар мудофаа кучларига (YPG) ҳарбий кўмак кўрсатишни давом эттирмоқда, деб айтди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған.

Аввалроқ Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғлу маълум қилганидек, АҚШ президенти Дональд Трамп Эрдўған билан телефон орқали мулоқотда Анқара террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайдиган YPG’га қурол етказиб беришни тўхтатишга кўрсатма берганини айтган.

“Афсуски, бизнинг НАТО бўйича дўстимиз АҚШ террорчиларни фура-фура қурол билан таъминлашни давом эттирмоқда. Бу бизни хавотирлантирмоқда. Биз Сурия шимолида Ўрта ер денгизига чиқадиган террорчилик йўлагини яратишга йўл қўймаймиз. Биз бундай хавф ҳолатида барча зарур чорани кўрамиз”, деб айтган Эрдўған франциялик ҳамкасби Эммануэль Макрон билан биргаликда Парижда берган матбуот анжуманда.

Айни вақтда Эрдўған Францияда қолмоқда. Эрдўған, шунингдек, Суриянинг амалдаги президенти Башар Асаднинг бўлғуси сайловларда иштирок этишига қарши чиқди. “Сурияда демократик сайловлар лозим. Туркия бунда кўмак беришга тайёр. Сурия мавзуси бўйича кейинги биргаликдаги қадамларни белгилаб олиш учун Суриядаги вазият бўйича яқин қарашларга эга бўлган давлатлар ташқи ишлар вазирлари учрашувини ташкиллаштиришни режалаштирмоқдамиз”, деб қўшимча қилган Эрдўған.