АҚШ маъмурияти Дональд Трампнинг ваъдасини бажариб, Эрон ядровий дастури бўйича ҳаракатлар режасига ўзгартиришлар киритмоқчи. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Associated Press ахборот агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтган.

“Президент ҳаракатлар режасини ўзгартириши ёки умуман бекор қилишини айтган. Ҳозир биз унинг ваъдасини бажариб, режани тўғриламоқчимиз”, деб айтган Тиллерсон.

Тиллерсоннинг тушунтиришича, Трамп маъмурияти конгресснинг қонунчилик масалалари бўйича аъзолари билан АҚШни Эрон ядровий дастурида қолдириш бўйича ишламоқда. Тиллерсоннинг таъкидлашича, бунинг учун зарур бўлган ўзгартиришлар мамлакат қонунчилигига кейинги ҳафтада киритилади.

Давлат котибининг таъкидлашича, Оқ уй маъмурияти вакиллари конгресс етакчилари билан келишувга ўзгартиришлар киритиш бўйича жуда фаол маслаҳатлашувлар олиб бормоқдалар. Бироқ Тиллерсон олдиндан бирор нарсани айтишни истамаслигини айтган.

2017 йилнинг октябрида Трамп Эрон томондан ҳаракатлар режаси бажарилганини тасдиқлашдан бош тортган.

Вашингтоннинг бу масалада ёндашуви шундан иборатки, аввал АҚШнинг ҳаракатлар режасига амал қилишини тартибга солувчи қонунчиликни ўзгартириб, сўнгра Европадаги иттифоқдошлар билан келишувдаги камчиликларни бартараф этиш бўйича музокаралар ўтказиш керак. Трамп, жумладан, келишувда Теҳроннинг баллистик ракеталар синови ўтказиши бўйича чеклов йўқлигидан норозилик билдирмоқда.    

Эрон ядровий дастури бўйича кўп томонлама келишув Венада 2015 йил ёзида имзоланган. Унинг иштирокчилари Эрон, АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция ва Германия ҳисобланади. Ҳаракатлар режаси санкциялар бекор қилиниши эвазига Эроннинг қурол плутонийси ишлаб чиқаришдан воз кечиши ва бойитилган уран ҳажмини камайтиришини кўзда тутади.  

Теҳрон келишувнинг ўзига тегишли қисмини бажаргандан кейин АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама Эронга қарши ядровий қурол яратиши билан боғлиқ ҳолда киритилган санкцияларни бекор қилган. Бироқ кўплаб, мисол учун, баллистик ракеталар бўйича чекловлар ўз кучида қолган.