Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф БМТ Хавфсизлик кенгашининг  Эрондаги намойишларга бағишланган йиғилишини АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти ташқи сиёсатининг “навбатдаги хатоси” деб атади. 

“Хавфсизлик кенгаши АҚШга навбатдаги марта ўз ваколатларини суистеъмол қилишга ижозат бермади. Йиғилишнинг кўпчилик иштирокчилари Эрон ядровий дастури бўйича ҳаракатлар режасини қўллаб-қувватлашларини ва бошқа давлатлар ички ишларига аралашишга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаб ўтдилар. Бу Трамп маъмурияти ташқи сиёсатининг навбатдаги хатоси”, деб ёзди Зариф твиттерда. 

5 январда АҚШ сўрови билан ўтказилган йиғилишда Эроннинг БМТдаги доимий вакили Ғуломали Ҳошру давлатларнинг ички ишларига аралашув Хавфсизлик кенгаши ваколати доирасидан ташқари эканлигини, АҚШ эса кенгашнинг доимий аъзоси сифатида ўз ҳуқуқларини суистеъмол қилаётганини таъкидлаб ўтди.

Ҳошру йиғилишдаги нутқида “Афсуски, кенгашнинг баъзи аъзолари қаршилигига қарамасдан, Хавфсизлик кенгаши АҚШга бу майдондан ўз мақсадларида фойдаланишга ва кенгаш ваколатларига кирмайдиган бу йиғилишни ўтказишга ижозат берди. Бу эса Хавфсизлик кенгаши ўзининг асл вазифаларини бажармаслигига мисолдир”, деб айтган.

Дипломатнинг айтишича, Эрон ҳукумати фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилган ҳолда ҳал қилаётган унинг ички муаммолари халқаро хавфсизликнинг энг муҳим идорасида муҳокама қилинмаслиги керак.

Унинг таъкидлашича, Эронда намойишларга чақириқлар жумладан хориждан билдирилган. Ҳошру АҚШнинг намойишларни кескин бостиришдаги айбловларини иккиюзламачилик деб атади ва 2011 йилда АҚШда Occupy Wall Street ҳаракати намойишчиларига нисбатан полициячилар зўравонлик қўллашганини бунга мисол қилиб келтирди.