Google’нинг Калифорниядаги бош қароргоҳидаги ходимлар ихтиёрида тахминан 1100 та бепул велосипед – Gbike бор. Улар бу велосипедлардан бош қароргоҳ ҳудуди бўйлаб ҳаракатланишда фойдаланишлари мумкин. Бироқ компаниянинг ҳисоб-китобига кўра, кампусдан ҳар ҳафта 100 тадан 250 тагача велосипед йўқолар экан. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри хабар бермоқда. 

Бу йўқолган велосипедлар кейинчалик маҳаллий мактаблар, ўтлоқлар, бар яқинларида топилар экан. Ҳаттоки бундай бир велосипед Garnier косметик брендининг рекламасида пайқалган.

Google бош қароргоҳи жойлашган Маунтин-Вьюда 80 минг киши яшайди. Улардан 20 минги Google’да ишлайди ва полицияда компания велосипедида кетаётган ҳар бир одамни текшириш имкони йўқ. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, Google аҳоли бу велосипедлардан фойдаланишига қарши эмас.

Мисол учун, Google’нинг рақобатчиси Oracle’нинг 68 ёшли ходимаси Шерон Уич бу велосипедлардан ишига етиб олишда фойдаланади. “Албатта, Google биз бу велосипедлардан фойдаланишимизни унча хоҳламайди. Бироқ бунда ҳеч қандай қўрқинчли нарса йўқ”, деб айтган аёл. Шунингдек, шаҳарча мэри Кен Розенберг ҳам бир марта Google қароргоҳидаги учрашувдан кейин кинотеатрга етиб олиш учун бу велосипедларнинг биридан фойдаланганини тан олган.

Нашрнинг маълум қилишича, бундай велосипедларнинг бир донаси 100 доллардан 300 долларгача туради ва уларнинг йўқолиши компанияга унча катта зарар етказмайди.

Бироқ 2017 йилда Google велосипедларнинг бир қисмини GPS-трекерлар билан жиҳозлаб, улардан баъзилари Мексика ва Аляскагача етиб борганини аниқлаган. Корпорация ҳаттоки ён-атрофни айланиб, ҳар жойда қолдириб кетилган велосипедларни йиғиб юрадиган 30 нафар ходим ёллаган. Компания шунингдек велосипедларни мобил дастур орқали қулфлар ёрдамида блоклаш имкониятини синовдан ўтказмоқда.

Gbike велосипедлари Спорт мажмуаси томида. Фото: The Wall Street Journal