29.12.2017 йилдаги ЎРҚ-454-сон «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан Солиқ кодексига тегишли тузатишлар киритилди.

Norma.uz’нинг ёзишича, Ўзбекистонда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширадиган норезидентлар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғига қўшимча равишда соф фойдасига ҳам 10%ли ставка бўйича солиқ (фойда солиғи суммаси айириб ташланган фойда) тўлашган (СКнинг 154-моддаси 8-қисми).

СКнинг 154-моддасига киритилган ўзгартиришларга асосан эндиликда доимий муассасалар 2018 йилда олинган даромадларидан фақат фойда солиғини 14% ставка бўйича тўлашади. Улардан соф фойдадан олинадиган солиқ ундирилмайди.
 
Бундан ташқари, мамлакатда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширадиган норезидентдан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган солиқ солинадиган фойда миқдори камайтирилади. Илгари солиқ солинадиган фойда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширишдан олинган даромадлари билан бевосита боғлиқ бўлган, улар мамлакатимизда ёки унинг ташқарисида қилинганлигидан қатъи назар, барча турдаги харажатларнинг камида 10%ини ташкил этган. 2018 йил 1 январдан бошлаб у кўрсатилган харажатларнинг камида 7%ини ташкил этади.