​5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси​да вилоятда янги гидроэлектростанция барпо этилиши маълум қилинганди. «Ўзбекгидроэнерго»​ АЖ вакилининг Kun.uz'га хабар беришича, Тошкент вилоятида жойлашган тоғли Бўстонлиқ туманининг Курдухтар қишлоғи ҳудудидан кесиб ўтувчи Пскем дарёси Ўзбекистондаги ўзлаштирилмаган дарёларнинг энг йириги ҳисобланади. Шунинг учун, мавжуд гидроэлектростанциялар қаторидан яна бир мажмуа  Пскем гидроэлектостанциясининг ўрин олаётгани муҳим воқеа ҳисобланади.

Пскем дарёси Ойганинг ва Майдантал ирмоқларининг қўшилишидан  ҳосил бўлган йирик ўзан ҳисобланади. У тўлиқ Республикамиз ҳудудида жойлашган. Қолаверса, Чотқол ва Кўксув дарё  сувлари биргаликда Пскем дарёси салоҳиятини янада оширади. Дарёнинг юқори қисмида Ўзбекистондаги энг йирик Чорбоғ ГЭС станцияси қурилган бўлиб, унинг қуввати 620.5 МВт, йиллик электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми эса 2 млрд кВтч соатни ташкил қилади. Оқимдан  қуйида Чирчиқ дарёсининг каналлари, Чирчиқ-Бўзсув сув энергетикаси қисмларида 17 турдаги ҳар хил ҳажмдаги қувватга эга бўлган ГЭС лар ҳам мавжуд. Бу  энергия захиралари айни вақтдан фойдаланишни талаб қилаётган сув ресурсларининг ноёб мўъжизасидир.

Ҳозирда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Курдухтар қишлоғида Пскем ГЭСида қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Пскем ГЕСи Тошкент вилоятининг шимолий-шарқида, Тошкент шаҳригача  120 км масофада узоқликда, Чорвоқ сув омборидан 45 км тепада жойлашган. Пскем ГЭСи нинг электр энергия имконияти 404 МВт ташкил этади.  Пскем ГЭСи Чорвоқ ГЭСидан кейин катталиги бўйича, иккинчи ўринни эгаллайди. У йилига 900 млн. кВт соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва захира энергия етказиб берувчи бой манба ҳисобланади. Пскем ГЭСининг сув омбори сув ҳажми  520,8 млн М3 сувни ташкил қилиб,  шундан  самарали сув ҳажми 486,5 млн М3 ташкил қилади. Пскем дарёсининг қурилиши мамлакатимизда ёқилғи энергетик ресурсларини сақлаб қолишини таъминлайди. Бунинг натижасида мамлакатимизда 300  минг тонна шартли ёнилғи, 250 млн.м3 табиий газ ва 900 минг тонна Ангрен кўмирини тежаш имконияти туғилади.

Келгусида Чирчиқ дарёси ҳавзаси ва оқими бўйлаб, бир неча ГЭС лар қурилиши режалаштирилган. Улар орасида Пскем ГЭСи ишлаб чиқариш салоҳияти йирик корхоналардан бирига айланиши кутилмоқда. Объектнинг умумий қиймати: 450,0 млн.АҚШ.долларига тенг.

Шунингдек, Пскем дарёсида Пскем ГЭС қурилиши объектида кузатув майдони, ичимлик суви қувурлари, штаб биноси, 200 ўринли ошхона, бетон заводи қурилиши тамомланган ҳамда 250 ўринли машина механизмлари тўхташ жойи бўйича қурилиши ишлари амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 18 майдаги фармони билан «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти таркибига кирган гидроэлектрстанциялар, гидротехник ва гидроэнергетика билан боғлиқ бошқа бўлинмалар, шунингдек Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг «Ўзсувэнерго» бирлашмасига қарашли бўлган барча гидроэлектростанцияларни бирлаштирувчи «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ташкил этилганди.