АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Мексика билан чегарада девор қуришнинг дастлабки босқичи учун конгрессдан 18 млрд доллар ажратишни сўради. Таъкидланишича, девор қурилиши 2027 йилда якунига етади. Бу ҳақда The Washington Post нашри тегишли ҳужжатга асосланиб хабар берди. 

Ҳужжатга кўра, бу маблағлар 508,6 км.лик қўшимча тўсиқни қуриш ҳамда 655 км.лик мавжуд тўсиқни мустаҳкамлаш учун сарфланади. Агар ҳаммаси рисоладагидек кетса, 2027 йилга келиб АҚШнинг Мексика билан 3,2 минг км.лик чегарасининг ярмидан кўпроғи сунъий тўсиқлар билан ҳимояланади.

Бу таклиф 2018 йил бюджети бўйича конгрессда маслаҳатлашувлар олиб борилаётган вақтда билдирилди. Бу молиявий йил 2017 йилнинг 1 октябрида бошланган. Трамп 22 декабрда федерал ҳукуматнинг 19 январгача молиялаштирилиши ҳақида вақтинчалик резолюция лойиҳасини имзолаган. Агар конгрессменлар 19 январгача бюджет бўйича келиша олмасалар, федерал идоралар фаолият юритиш учун маблағсиз қоладилар. Трампнинг таклифи демократлар томондан танқид қилинган. 

Мексика билан чегарада девор қуриш Трампнинг энг муҳим сайловолди ваъдаларидан бири ҳисобланади. Трамп бу деворни қуриш ҳақидаги фармонни 2017 йил 25 январида имзолаганди.