Математикада топилган янги туб сонни ёзиш учун 7 мингта саҳифадан иборат китоб керак бўлади. Бу янги туб сон 23249425 та рақамдан иборат. Уни GIMPS (Great Internet Mersenne Prime Search) лойиҳаси эвазига аниқлаш мумкин бўлди.

Эслатиб ўтамиз, туб сонлар 1 сони ва ўзигагина бўлинадиган сонлардир. Мисол учун, 2, 3, 5, 7, 11, 13, 17, 19, 23, 29, 31, 37 ва ҳоказо. Топилган янги туб сон Марсенн (франциялик математик) сонларига тегишлидир, яъни бунда сонни 2 нинг n-даражаси минус 1 кўринишида тасвирлаш мумкин. Янги топилган туб сонни эса 2 нинг 77232917-даражаси минус 1 кўринишида ёзиш мумкин. Шу сабабли янги сонга M77232917 белгиси берилди.   Бу сон Марсенн сонларига кирувчи 50-сон бўлди. 

Бунгача туб сонлар қатори охиридан ўрин олган охирги туб сон 2016 йил январида топилганди. Унинг узунлиги янги топилган туб сонникидан миллионта рақам камроқ. 

Туб сонларни қидириш лойиҳасида турли давлатлардан кўнгиллилар компьютерларидан фойдаланилади. Ҳисоблашлар учун махсус алгоритмлар мавжуд. Янги туб сонни АҚШнинг Теннеси штатида яшовчи электрик Жонатан Пейс топди. У туб сонларни қидириш билан 14 йилдан бери шуғулланади ва биринчи марта бундай катта туб сонни топа олди. Энди уни 3 минг долларлик мукофот пули кутмоқда. 

Натижани бошқа компьютерларда 32 соатдан 82 соатгача вақт давомида текширишга тўғри келди.   

Туб сонлар арифметика ва барча натурал сонлар асоси ҳисобланади. Исталган натурал сон бирор-бир туб сонлар кўпайтмасига тенг. 

Туб сонлар криптографияда шифрлаш учун қўлланади. Улар анчагина пул ҳам туради. Мисол учун, 2009 йилда топилган туб сонлардан бири учун 100 минг доллар миқдорида мукофот пули берилган.