Хитойнинг шарқий соҳилларида 2 та кема тўқнашиб кетгани оқибатида 32 киши бедарак йўқолган. Хитой матбуотининг хабар қилишича, айни вақтда уларни қидириш ва қутқариш ишлари олиб борилмоқда.
 
Маълумотларга кўра, Панамада рўйхатдан ўтган "SANCHI" нефть ташувчи танкери ва Ҳонгконгнинг "CF CRYSTAL" кемасининг тўқнашуви маҳаллий вақт билан 6 январь кечки 8:00 лар атрофида содир бўлган. Воқеа Янцзи дарёси қуйилишидан 160 денгиз мили узоқликда рўй берган, деб хабар қилмоқда Синьхуа агентлиги Хитой транспорт вазиридан иқтибос келтирган ҳолда. 

Тўқнашув оқибатида "SANCHI"да ёнғин юз берган ва танкер ўнг томонга оғиб қолган. Панама кемасининг 32 нафар денгизчисининг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Уларнинг 30 нафари эронлик, иккиси бангладешлик экани айтилмоқда.

Фото: China Global Television Network

274 метрлик "SANCHI" танкери Эрон компанияси томонидан ижарага олинган бўлиб, 136,000 тонна ёқилғи Жанубий Кореяга олиб кетаётган эди. 225 метр узунликдаги "CF CRYSTAL" кемаси 64,000 тонна донни Хитойнинг Гуандонг провинциясига олиб кетаётган бўлган.