АҚШда Intel процессорларининг бир неча эгалари компанияни судга беришди. Орегон, Калифорния ва Индиана штатларида яшовчи уч киши компания устидан судга шикоят йўллаган. Улар компанияни процессорларида аниқланган муаммоларга етарлича муносабат билдирмасликда ва камчиликларни узоқ вақт сир сақлашда айблашган. Бу ҳақда Gizmodo хабар бермоқда.  

Аввалроқ Intel микропроцессорларида жиддий камчиликлар топилгани, бу камчиликлар хакерларга маълумотларни қўлга киритишга имкон бериши маълум қилинганди. Бу камчиликни операцион тизимларга ўзгартиришлар киритиб тўғрилаш мумкинлиги, бироқ бу уларнинг ишлашини секинлаштириши мумкинлиги айтилган.

Шикоятчиларнинг фикрича, операцион тизимларнинг янгиланиши копмьютерлар унумдорлигини пасайтириши мумкин. Шикоятлар 11 дақиқа фарқ билан йўлланган.

Тадқиқотчилар микропроцессорларда охирги 20 йил ичида чиққан барча компьютерларни қамраб олувчи ва чип ядросининг ҳимояланган хотирасига киришга имкон берувчи икки турдаги камчиликни аниқлашган. Шундан кейин Intel камчиликлар нафақат унинг чипларида мавжудлигини маълум қилган. Google’да AMD ва ARM процессорларида ҳам муаммолар борлиги айтилган.

Йирик операцион тиизимлар ишлаб чиқувчилари ўз дастурларида ушбу камчиликлар тўғриланган янгиланмалар чиқаришганини маълум қилишган. Жумладан, Microsoft компанияси 4 январда Windows операцион тизими учун янгиланма чиқарган. 5 январда эса Apple macOS ва iOS операцион тизимларида ишловчи барча қурилмалари процессорларнинг камчиликлари сабабли муаммога учраши мумкинлигини маълум қилган.