Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз дунё океани тубидан ўтувчи минглаб интернет кабеллари узилса нима рўй беради? Wired нашри ушбу кабелларга бирор давлат ҳужум қилишга қарор қилса, нима юз беришини тахмин қилишга қарор қилди. Мақола НАТО қўмондонлигининг баёнотлари ортидан эълон қилинган. Альянс Россия ҳарбий сув ости кемалари фаоллиги кучайгани боис, сув ости коммуникацияларнинг ҳолати яхши сақланиб қолиши борасида хавотирларини билдирган эди. 

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари юқори лавозимли вакиллари бир неча йиллар мобайнида Россия ҳарбий кемаларининг океан тубидан ўтувчи интернет кабелларига ҳужум қилиши даҳшатли оқибатларга олиб келиши ҳақида бонг уради, деб ёзади Wired. Улар билан британиялик ҳарбийлар бир хил фикрда. Ҳарбийларга кўра, шундай ҳужум мамлакат учун молиявий қулаш билан якун топади. 

Бундан ташқари, НАТО совуқ уруш даврига оид қўмондонлик қароргоҳини тиклашни ҳам режалаштирмоқда. Унинг мақсадларидан бири сув ости коммуникацияларини қўриқлаш бўлади, дейилади мақолада. 

Аммо, экспертларнинг фикрича, деб ёзади Wired, ғарб ҳарбийлари таҳдидни ҳаддан ортиқ баҳолашмоқда. Чунки, шундоғам ҳар бир неча кунда 428 та сув ости кабелларидан бири зарарланади. Бунга, аксар ҳолларда ер силкиниши, кемалар ёки уларнинг лангарлари сабаб бўлади. Интернет фойдаланувчилари эса, бу ҳолатда кабел узилганини сезишмайди ҳам. Ахборот узатиш бошқа линиялар орқали автоматик тарзда узатила бошланади. Европа, АҚШ ва Шарқий Осиёда бир линия бўйлаб жуда кўплаб кабеллар ўтказилади. 

Шунинг учун ҳам, Wired нашрининг ёзишича, агар Россия сув ости кемалари Атлантика океанида бир нечта кабелни узиб юборса, интернет ишига жиддий салбий таъсир кўрсатмайди. Ҳатто, Атлантика океани остидаги барча кабеллар узилган тақдирда ҳам интернет алоқаси узилмайди, Тинч океани тубидан ўтган кабеллар ахборот узатувини таъминлайди.