Ямайкалик енгил атлетикачи, олимпиаданинг саккиз карра ва 11 карра жаҳон чемпиони Усейн Болт азалий орзуси — «Манчестер Юнайтед» футболчиси бўлиш борасида ҳали умидлари сўнмаганини айтиб ўтди. Спортчи «МЮ»нинг собиқ бош мураббийи маълум бир шароитларда унга ёрдам қўлини чўзиши мумкинлигини айтиб ўтди, деб ёзади championat.com.

«Жароҳатларимдан тўлиқ фориғ бўлиб, формамни тиклаб олдим. Март ойида Дортмунднинг «Боруссия» клубига кўрикка бораман, шундан сўнг кейинги карьерам қандай бўлиши ҳал бўлади. Агар улар менинг ўйинимдан қониқишса, мен футбол карьерамни бошлайман. Аслида кўп асабийлашмайман, лекин ҳозир гап футбол ҳақида бормоқда. Менга мослашиш учун маълум бир вақт зарур бўлади, лекин мен албатта кўникаман. Енгил атлетика билан шуғуллана бошлаганимда ҳам ана шундай қийин бўлган. Аввал асабийлашиб, кейин кўникиб кетганман.

Менинг энг катта орзуларимдан бири — «Манчестер Юнайтед» билан шартнома имзолаш. Агар «Боруссия»дагилар мени футбол ўйнаш учун яроқли, деб топишса, сидқидилдан шуғуллана бошлайман. Алекс Фергюсон билан шу мавзуда суҳбатлашдик ва ундан «МЮ»да мен ҳақимда гап очишни илтимос қилдим. У агар мен формада ва тайёр бўлсам, нимадир қилиш мумкинлигини айтди», — дея Болтнинг сўзларини келтирмоқда Daily Express.