Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани «Хидирша» МФЙ ҳудудида янгидан барпо этилган уй-жойлардан бирида истиқомат қилган оила Янги йил арафасида ўлдириб кетилган. Бу ҳақда бир нечта ахборот манбалари KUN.UZ’га хабар қилди.

Воқеа тафсилотларига кўра, 1989 йилда туғилган аёл, унинг бўйи етган синглиси, 3 ёшли ва 6 ойлик фарзандларининг — жами 4 инсоннинг мурдаси оила истиқомат қилиб келаётган уйдан топилган.

Дастлабки суриштирув хулосасига кўра, табиий газдан заҳарланиш, дейилган бахтсиз ҳодиса синчиклаб ўрганилганида қотиллик эканлиги маълум бўлди. KUN.UZ ахборот манбасининг хабар қилишича, вафот этганларнинг барчаси пичоқлаб ўлдирилган.

Жиноятчи ўз қилмишини яшириш мақсадида уйга ўт қўйган. Бироқ, янги қурилган иморатнинг пластик деразалари ҳаво ўтказмаганлиги сабабли, ёнғин ривожланмай қолган. Ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар қотиллик 30 декабрь куни юз берган, деган фаразни илгари суришмоқда.

Воқеа тафсилотида ўлдирилган аёл икки марта турмуш қургани, 3 ёшли фарзанди аввалги турмушидан, 6 ойлик чақалоғи кейингисидан эканлиги айтилади. Аёлнинг айни пайтдаги, иккинчи турмуш ўртоғи 1 январь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига жўнаб кетганлиги ҳам маълум қилинмоқда. Андижон вилоятида рўй берган ушбу резонансли ҳолат бўйича расмий маълумот эълон қилинмаган.