2007 йилда таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) Тошкентни уч Ислом маданияти пойтахтларидан бири сифатида эълон қилган эди.

Ислом маданияти пойтахтларини эълон қилиш дастури ISESCO томонидан 2001 йилда маъқулланган ва ҳар йили уч исломий минтақа — араб олами, Африка ва Осиёда учта пойтахт танланишини назарда тутади. Ислом маданияти пойтахти ҳар икки йилда бир марта ташкиллаштирилувчи, ислом давлатлари маданият вазирларининг конференциясини ўтказиш мажбуриятини олади. Пойтахт сифатидан танланган шаҳарда йил бўйи ислом мероси ва маданияти тақдимотига йўналтирилган турли тадбир ва воқеалар бўлиб ўтади.

Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ) га аъзо давлатлар маданият вазирларининг 9-анжумани қарорига кўра, 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти сифатида Бухоро (Ўзбекистон), Қоҳира (миср) ва Бамако (Мали) шаҳарлари тасдиқланган, деб хабар беради Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати.

«Бухоро шундоқ ҳам бир неча асрлардан буён ислом маданияти пойтахти сифатида намоён бўлиб келмоқда. Мусулмон оламида Бухоро бежизга «Қуббатул Ислом» ва «Гумбази Ислом» деб сифатланмайди, бу арабча ва форсчадан таржима қилинганда Ислом гумбази деган маънони беради. Шаҳарнинг ислом маданияти пойтахти ўлароқ эътироф этилиши шаҳар ва унда яшаб ўтган олимларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасининг яна бир тасдиғи сифатида баҳолаш мумкин», — деб ёзади Тошкент ислом университетининг ISESCO ислом тамаддунини ўрганиш махсус кафедраси ўқитувчиси Аъзамжон Абдураҳмонов.