Россия бош вазири Дмитрий Медведев ёнғинга қарши курашиш режими қоидаларига ўзгартиришларни тасдиқлади. Меъёрлар қаторида автомобиллар ва поездлар деразасидан сигарета қолдиқларини улоқтиришга нисбатан тақиқ пайдо бўлди, деб ёзади TJournal.

Қоидалардаги тасдиқланган ўзгартиришлардан бирида шундай дейилади: «Йўлларнинг ажратилган полосалари ва муҳофаза зоналарида, шунингдек, темирйўллар ва автомобиль йўллари участкаларида темирйўл ҳаракатдаги составлари ва ҳаракатланаётган автомобиль транспортидан сўнмаган шлак, кўмир ва кул, шунингдек, ёниб турган сигарета қолдиқлари ва гугуртларни ташлаб юбориш тақиқланади».

Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун, агар бу ҳол биринчи марта рўй бераётган бўлса ва ўзганинг мулкига зарар етказилмаган бўлса — икки минг рублгача жарима қўлланилади. Илгари йўлларда сигарета қолдиқлари ва бошқа чиқиндиларни ташлаш 100 рубль миқдорда жаримага тортиларди.

Россия Давлат думасида бундай тақиқни 2014 йилдаёқ қўллашни таклиф қилишган эди. 2015 йилда депутатлар сигарета қолдиқларини кўчага ташлаганлик учун жарималар билан боғлиқ қонун лойиҳасини тайёрлашган.

Поездларда чекиш 2014 йилнинг 1 июнидан, тамаки маҳсулотларига қарши қонун кучга кириши билан тақиқланган эди. 2017 йилнинг 15 февралидан эътиборан узоқ йўналишли поездларда электрон сигареталардан фойдаланиш ҳам тақиқланган.