2018 йил 8 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу мультимедиа маркази Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 ноябрдаги “Прокуратура органлари ахборот-таҳлил фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорининг амалдаги ижросидир. 

Нафақат прокуратура балки, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини ҳам кенг ёритишни мақсад қилган Медиамарказ мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, нотўғри маълумотлардан бузғунчи ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш имкониятини йўққа чиқариш учун аҳолини юз бераётган воқеа-ҳодисалардан ўз вақтида хабардор этади. 

Медиамарказ замонавий технологиялар ва креатив ёндашувлардан фойдаланган ҳолда ахборот-таҳлилий медиа материалларини, шу жумладан аудио ва видеороликлар, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар, ижтимоий рекламалар, воқеа жойидан репортажлар тайёрлаб телеэфир ва Интернет тармоғига узатади. 

Медиамарказ Директори Бобур Алихонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев 

Қайд этиш жоизки, Медиамарказ асосий эътиборни давлат раҳбари томонидан қабул қилинган қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳияти ва уларда белгилаб берилган вазифаларни аҳолига тушунарли, халқчил қилиб етказиш мақсадида турли медиа маҳсулотларни тайёрлашга қаратади. Бундан ташқари, ушбу материаллар инфографика ва махсус аудиовизуал эффектлардан фойдаланган ҳолда таҳлилий мазмундаги маълумотлар билан бойитилади.

Шу билан бирга, Марказ Ўзбекистонда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган интернет каналлар орқали тарқатиладиган нотўғри, бузғунчи ва асослантирилмаган ғоялар ва хабарларга нисбатан муносабат билдиради. 

Тантанали очилиш маросимида ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Сун Лицзе, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили, БМТнинг доимий координатор-резиденти Ҳелена Фрейзер ва бошқа меҳмонлар, вазирликлар ва давлат идоралари вакиллари, ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Очилиш маросими доирасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Тараққиёт стратегияси маркази ҳамда Халқаро пресс-клуб билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди. 

 Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев
БМТнинг доимий координатор-резиденти Ҳелена Фрейзер
ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Сун Лицзе

ЎзА Бош директори ўринбосари Садриддин Суяров ва Медиамарказ Директори Бобур Алихонов
 Тараққиёт стратегияси маркази директори Акмал Бурҳонов ва Бобур Алихонов