Франция ҳукумати 2017 йилда тарихда биринчи марта қочқин мақоми сўралган 100 мингдан кўпроқ ариза олди. Бу ҳақда Франциянинг қочқинлар ва апатридларни ҳимоя қилиш бошқармасида (OFPRA) маълум қилинди. 

“2017 йилда бошқармага бошпана берилиши сўралган 100412 та ариза келиб тушган, бу эса 2016 йилдагига нисбатан 17 фоиз кўпроқдир”, дейилган бошқармада. Аризалар кўриб чиқилгандан кейин деярли 43 минг киши қочқин мақоми сифатида бошқарма ҳимоясига олинган.

Бошпана сўраганлардан энг кўпи Албания (7630 ариза), Афғонистон (5987), Ҳаити (4943), Судан (4486), Гвинея (3780) ва Суриядан (3249) келганлар бўлган. 

Бошқарма раҳбари Паскаль Брис бундай рекорд даражада сўров олинганига изоҳ берар экан, Францияга қочқинлар оммавий равишда келаётгани ҳақида айтишга ҳали эрта эканлигини айтган. “Гап қочқинлар сонининг ўтган йилга нисбатан 17 фоизга ошгани ҳақида бормоқда ва Германия биздан кўра икки марта кўпроқ бошпана сўровчиларни қайд қилаётганини унутмаслик лозим”, деб айтган Брис.