Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси «Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида уч давлатнинг Давлат чегаралари туташган нуқтаси ҳудуди тўғрисидаги Шартномани (Самарқанд, 2017 йил 10 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини қабул қилди.

Шартномада Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг давлат чегаралари туташган нуқтасининг ҳудуди жойлашган ер ҳамда туташган нуқта ҳудудидаги давлат чегаралари линиялари ўтадиган жой белгилаб қўйилган, шунингдек тегишли тавсиф тузилган.

Шартнома 2017 йил 10 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қайрат Абдураҳмонов ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов томонидан имзоланган.

Томонлар ҳужжатни «Марказий Осиё: бир ўтмиш ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик» халқаро конференцияси доирасида имзоладилар.