Қозоғистон Миллий иқтисодиёт бўйича вазирлиги собиқ раҳбари Қувондиқ Бишимбаев 8 январь куни бўлиб ўтган суд мажлисида ўзини пора олиш ва мулкни ўзлаштириш билан боғлиқ коррупция жиноятларида айбдор деб тан олишдан бош тортди. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар бермоқда.

«Мен ўзимни айблов хулосасида тилга олинган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб ҳисобламайман. Мен буни аниқ биламан, ҳурматли суд, сизга ўзимга маълум бўлган нарсаларга асосланган позициямни етказишга ҳаракат қилиб кўраман», - дея айтиб ўтган Бишимбаев.

Шу билан бирга, у Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевдан кечирим сўраб, «ўзининг барча профессионал ютуқлари билан» ундан қарздор эканини таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Бишимбаев ўтган йилнинг январида порахўрликда гумонланиб ҳибсга олинганди.