5 январь куни Тошкент вилоятига ташрифи давомида Шавкат Мирзиёев Янгийўл шаҳрида аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизмат сифати билан танишиб, Янгийўл шаҳридаги «Файзли» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлгани хабар қилинганди. 

Давлат раҳбари ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли билан суҳбатлашган. 

«Бугун сизларни байрам билан табриклайман, сиҳат-саломатлик тилайман. Телевизорда кўряпсизларки, кам таъминланганларга мўлжалланган кўплаб уйлар қурилмоқда. Бу йил Янгийўл шаҳрида 7 қаватли 12та, келгуси йилда 20 та янги кўп қаватли уй-жой қурилади. Кам таъминланганларга ҳам керакли одамларга берилади. Боқувчиси йўқларга биринчи бўлиб берилади. Замонавий боғ, бозор, супермаркет, кўприк қурамиз», - деган президент.

«Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасида айтилишича, фуқаро Азиза Арибаева касб-ҳунар коллежини битириб, олинган имтиёзли кредит эвазига ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган эди. Айрим сабабларга кўра, унинг шохобчаси ноқонуний ҳисобланиб, бузиб ташланган. У ҳам президент билан суҳбат чоғида ушбу масалани баён этди.

«Эртага келиб, ҳоким сизга энг зўр жойдан жой беради. Эй, нон қиляпти экан, сотсин. Бўлмаса, Тошкентдан жой бераман!» - деди давлат раҳбари.