Туркия парламенти Европа иттифоқига аъзо бўлган тўрт мамлакатда исломофобия билан боғлиқ вазиятни текширувдан ўтказиш учун комиссия ташкил қилди. Бу ҳақда РИА «Новости» Belga агентлигига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Гап Австрия, Германия, Франция ва Бельгия ҳақида бормоқда. Таъкидланишича, бу мамлакатларда, туркиялик амалдорларнинг фикрича, исломофобия аниқ кўринишга эга ҳамда кўп учрайди.

Комиссия ўз ишини 9 январь куни бошлайди. Туркия ҳукуматининг умид билдиришича, бу давлатлар ҳодисалар юз берган жойнинг ўзида текширув ўтказишга рухсат беради.

Аввалроқ Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европага келаётган қочқинларни “мусулмон босқинчилари” деб атаганди ва унинг давлати келгусида муҳожирларни қабул қилишни истамаслигини айтганди.