2017 йилда АҚШга ёпирилган “Ҳарви”, “Ирма” ва “Мария” довуллари ва ўрмон ёнғинлари рекорд қийматдаги 306 млрд долларлик зиён етказди. Бу ҳақда АҚШнинг океанлар ва атмосферани тадқиқ қилиш миллий бошқармаси ҳисоботида айтилган. 

“2017 йилда АҚШ умумий ҳисобда 16 та турли табиий офатлардан зиён кўрди, улардан ҳар биридан кўрилган зиён 1 млрд доллардан ошади. Бу 16 та табиий офатдан кўрилган умумий зарар эса 306,2 млрд долларни ташкил қилди”, дейилган ҳужжатда.  

Хьюстон ва унинг атрофидаги ҳудудларга тошқин олиб келган “Ҳарви” довули 2017 йилдаги энг катта – 125 млрд долларлик зиён келтирган. Сентябрда Пуэрто-Рикода гуманитар инқирозга олиб келган “Мария” довули 90 млрд долларлик, шу ойда Флоридада кузатилган “Ирма” 50 млрд долларлик зиён келтирган. 

Ҳужжатда таъкидланишича, мамлакат ғарбида юз берган ўрмон ёнғинлари оқибатида 54 киши ҳаётдан кўз юмган. Бу ёнғинлар 18 млрд доллар зарар келтирган.   

Қолган зиён торнадо, қурғоқчилик, ёмон об-ҳаво шароити, тошқинлар томондан етказилган. Табиий офатлардан кўрилган аввалги рекорд қийматдаги зиён 2005 йилда қайд қилинган. Ўшанда табиий офатлардан, жумладан “Катрина” довулидан АҚШ 215 млрд долларлик зарар кўрган. “Катрина” энг йирик табиий офат ҳисоблаб келинади, у 161 млрд доллар зарар келтирган. Ундан кейинги катта зиёнларни “Ҳарви”, “Мария”, “Ирма” довуллари келтирган.