Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 10 январь куни Душанбеда савдо-иқтисодий ҳамкорлик, шунингдек давлат чегарасининг делимитацияси ва демаркацияси бўйича Ўзбекистон-Тожикистон Ҳукуматлараро комиссиялари йиғилиши ишида иштирок этади.

Ушбу музокараларда Тожикистон делегациясига мамлакат бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилик қилади, деб хабар бермоқда «АП» Тожикистон ҳукуматидаги манбага таянган ҳолда.

Манбанинг хабар беришича, эртага Арипов Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан ҳам учрашув ўтказади.

Шунингдек, Абдулла Арипов эртага Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга баҳор ойлари бошига режалаштирилган биринчи расмий ташрифига тайёргарлик кўриш масаласини муҳокама қилади.

Тожикистон Ер тузиш ва геодезия бўйича давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 1332 километрни ташкил этади. Умумий узунликдан дарё орқали чегара 105 километрга, қуруқликдаги чегара 1227 километрга тенг.

Узунлиги тахминан 1240 километр бўлган умумий чегаранинг делимитацияси ва демаркацияси бўйича битим мувофиқлаштирилган, имзоланган ҳамда тасдиқланган.

«Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг тахминан 93 километри баҳсли бўлиб қолмоқда, бу баҳс яқин вақт ичида ҳал этилади», - дея айтиб ўтганди Тожикистон Ер тузиш ва геодезия бўйича давлат қўмитаси раҳбари Ражаббой Аҳмадзода ўтган йилнинг ёзида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулла Арипов Тожикистонга бориши, президент расмий ташрифига тайёргарлик муҳокама этилиши хабар берилганди.