Афғонистонлик тўрт дипломат «Точиксодиротбанк»дан тахминан 300 минг доллар миқдоридаги ўз депозитларини қайтара олишмаяпти. Омонатлар улар Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонасида ишлашган вақтда қўйилган.

«Точиксодиротбанк» Тожикистоннинг энг йирик тижорат банкларидан бири бўлиб, 2015 йилда инқирозга учради, натижада юзлаб мижозлар ҳалигача ўз омонат пулларини қайтариб олганлари йўқ.

Афғонистоннинг Душанбедаги тўрт нафар собиқ ходимидан бири Азизи Боризнинг айтишича, икки йилдан бери қайтара ололмаётган омонат пуллари «Точиксодиротбанк»ка 2008 йилдан қўйилган. Улар имзолаган шартномага кўра, ўз омонатларини исталган вақтда қайтариб олишлари мумкинлиги белгиланган.

«Бу биз узоқ вақт давомида йиғиб келган пуллар эди. Омонатларимизни исталган вақтда қайтариб олишимиз мумкин эканига ишонтиришди. Бироқ, икки йилдан бери эртага-индинга келинг, дейишмоқда, пулларни эса беришмаяпти», - деган у.

Бу пуллар, Азизи Боризнинг сўзларига кўра, собиқ дипломатларнинг Афғонистондаги турар-жойини сотишдан тушган. Бундан ташқари, улар банкка маошларининг бир қисмини ҳам қўйишган. Улардаги маълумотга кўра, бошқа хорижий дипломатлар ҳам «Точиксодиротбанк»да депозитларга эга бўлишган, бироқ уларнинг пуллари қайтарилган.