Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация 10 январь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ўзбекистон-Тожикистон Ҳукуматлараро комиссияларининг мажлисларида иштирок этади.

Ушбу тадбирлар давомидаги музокараларда Тожикистон делегациясига бош вазир Қоҳир Расулзода бошчилик қилади.

Арипов амалий ташриф давомида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон қабулида бўлиши ҳам мумкин.

Ариповнинг ушбу ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг баҳорда бўлиши кутилаётган Тожикистонга расмий ташрифига тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама этилади.

Ушбу ташрифи чоғида томонлар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, икки давлат чегарасидаги баҳсли қисмларнинг демаркацияси ва делимитациясини тезлаштириш бўйича масалаларни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Ушбу учрашувлар икки давлат чегара бўйича муаммоларни ҳал қилиш учун алоҳида эътибор қаратаётганини кўрсатмоқда. Экспертлар ушбу ташриф натижасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида виза режими соддалашишини кутишмоқда. Музокараларда темир йўл алоқалари, энергетика соҳасида ҳамкорлик, автобуслар ва поездлар қатновлари тикланишини кутишмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларининг ўзаро чегараларни  делимитация ва демаркация қилиш бўйича комиссияси фаолияти 6 йил муқаддам тўхтаб қолганди. Бу комиссия иши 2000 йилда бошланганди. 2002 йилга қадар чегара чизиқларининг 84 фоизи белгилаб олинган, ўша йилнинг октябрида икки давлат раҳбарлари ўзбек-тожик давлат чегаралари бўйича келишувни имзолаганди. Бу келишув 2009 йилнинг мартида кучга кирди.

Чегаранинг 16 фоизи бўйича баҳсли масалалар 2012 йилнинг февралига белгиланган музокараларда ҳал қилиниши кутилганди. Аммо 6 йил аввал чегара чизиғини аниқлаш ва чегарадаги баҳсли масалаларни ҳал қилиш учун ўтказилган 3 кунлик учрашув самарасиз якунланганди. Чегаранинг энг асосий баҳсли масаласи Тожикистон ҳудудида жойлашган, ўтган асрнинг 40-йилларида қурилган Фарҳод тўғони ҳисобланади. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президентига айлангач, қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш сиёсати олиб бормоқда. Ўтган бир йил давомида Ўзбекистон ва Тожикистон томонлари бир неча марта музокараларни тиклашга тайёрлигини билдирди.

Очиқ маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларининг умумий узунлиги 1332 километрни ташкил этади. Шундан 105 километр сув орқали (Амударё - таҳр.) ўтган. Умумий чегаранинг 1240 километрлик қисми делимитацияси ва демаркацияси бўйича битим мувофиқлаштирилган, имзоланган ҳамда тасдиқланган.

«Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг тахминан 93 километри баҳсли бўлиб қолмоқда, бу баҳс яқин вақт ичида ҳал этилади», - дея айтиб ўтганди Тожикистон Ер тузиш ва геодезия бўйича давлат қўмитаси раҳбари Ражаббой Аҳмадзода ўтган йилнинг ёзида.