Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида #doppikiyamiz ҳаракати қизғин тус олмоқда. Гап шундаки, дунёнинг турли давлатларида истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар ҳамда Ўзбекистонда истиқомат қилувчи ижтимоий тармоқ фаоллари миллий бош кийим билан суратга тушиб, флешмобга ўзгача кайфият бағишламоқда.

Барчаси BBC O'zbek xizmati'да фаолият олиб борувчи ўзбекистонлик журналист Рустам Қобилнинг Facebook'даги постидан кейин бошланди. Журналист бундай 17 йил аввал йўқотиб қўйган суратни бехосдан топиб олади ҳамда унда тасвирланган уйғур дўппилари тўпламини ижтимоий тармоққа жойлади. Сурат изоҳига эса қуйидагича ёзилганди: «Дўппи киймай қўйди одамлар, каминайи камтардан бошқа...»

Фото: Рустам Қобил

Аслида маънавият ва миллий қадриятлар ҳақида бот-бот гапирилавериб сийқаси чиққанига қарамай, ижтимоий тармоқдаги оддий чақирув барчани бирдек фаоллаштирди. Дастлаб, журналистнинг дўстлари, ижод аҳли ҳамда фаол блоггерлар дўппида тушган суратини эълон қилди. Улар орасида Ziyouz.uz портали асосчиси Даронбек Тожалиев, ўзбекистонлик Ҳарвард талабаси Нилуфар Кўчимова, Migrant.mobi ахборот портали раҳбари, юрист Ботиржон Шерматов, ҳаттоки фазогир Солижон Шарипов ҳам бор.

Даронбек Тожалиев
Нилуфар Кўчимова
Ботиржон Шерматов
Солижон Шарипов

Ўйлаб топилган қаҳрамонлардан бири, Раис бува ҳам флешмобдан четда қолмаслигини юмор орқали ифодалаб турибди. 

Раис бува

Шундан сўнг, қардош туркий халқ вакиллари ҳам миллий бош кийимини барчага «​кўз-кўз»​ қила бошлади. АҚШнинг Аляскасидан тортиб Япониягача чўзилган кенгликда истиқомат қилаётган ўзбеклар эса турли ракурсдаги фотолар билан «​рақобат»​ни кучайтирди.

Саид Меҳди
Tanya Merchant
Нью-Йоркдаги ўзбекистонлик

Муслим Тўланов

Флешмоб #doppikiyamiz, #dõppi, #дўппи, #doppi​ ҳештеглари орқали Facebook тармоғида кенг ёйилиб, Инстаграмга ҳам кириб келди. Бунда @teazeal аккаунтида дўппи ва пиёласини бошдан туширмаган блоггер Давронбек Алижонов, Мирзаёр Эркинов, ва журналист Феруз Муҳаммад жонбозлик кўрсатди. Ижтимоий ҳаракатнинг иккинчи босқичида қизлар ҳам бўш келмади: аёллар миллий рўмол ва кийимларда суратга тушишни, ифтихор суратларни ижтимоий тармоқларга жойлашни бошлади.

Давронбек Алижонов
Мирзаёр Эркинов
Жавоҳир Шамсуддинов
Феруз Муҳаммад
Садафбек Ҳусанбоев

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда кўплаб мухлисларга эга Мубашшир Ахмад, блоггер Санжар Саид ва Темур Аъзам, Ўзбекистон ҳукуматидаги энг ёш вазир ўринбосари Алишер Саъдуллаев ҳам бошда дўппи кийиб, суратга туша бошлади.

Kun.uz жамоаси аъзолари Хуршид Далиев ва Феруза Авазова ҳам флешмобдан четда қолмади. 

Бу қандайин кўргулик савдо, 
Дўппи киймай қўйди халойиқ. 
Бошга лойиқ дўппи йўқдир ё — 
Бош қолмади дўппига лойиқ, 
деб ёзганди атоқли шоир Муҳаммад Юсуф.

Минг шукрким, дўппига лойиқ бошлар ҳали кўп экан. Айниқса, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига ташрифи чоғида сўзлаган нутқида «қайга бормай бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб» дея адабиётдан иқтибос келтириши, бехосдан ижтимоий тармоқдаги фаоллик куч-қувват бергандай бўлди. Флешмоб ана шундай кайфият билан давом этади.

Алишер Саъдуллаев ва Шероз Нарзуллаев
Мубашшир Ахмад
Темур Аъзам ва Санжар Саид
Муслим Мирзажонов ва Хуршид Далиев
Феруза Авазова