Ёлланма жангариларнинг Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлар зонасидан қайтиши Марказий Осиё давлатлари хавфсизлигига рахна солади, деган Қозоғистон халқаро муносабатлар кенгаши раиси Ерлан Кариннинг Остонадаги «КазМедиа Холл»даги муҳокамалар чоғидаги чиқишида. Унинг сўзларини «Анадолу» агентлиги келтирмоқда.

Экспертнинг сўзларига кўра, Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлар асосида ётган сабаблар, Афғонистондаги беқарорлик ва радикализм Марказий Осиё давлатлари учун янги таҳдидларни пайдо қилади.

«Яқин Шарқдан террорчилар томонида туриб жанг қилган марказий осиёликларнинг қайтиши радикализм ҳолатларининг ўсиш хавфи билан боғланган», — деган Карин.

Кенгаш раиси Soufan Group тадқиқотига эътибор қаратган, унинг маълумотларига кўра Сурия ва Ироқда Марказий Осиёдан беш мингга яқин киши жанг қилган, уларнинг 500 нафари аллақачон ватанларига қайтишган.

Кариннинг фикрича, минтақада терроризм хавфига Яқин Шарқдаги вазият ўз таъсирини ўтказади.

Шунингдек, эксперт Марказий Осиё давлатларининг иқтисодиётлари 2018 йилда ўсишга эришиши борасида прогнозларини ҳам очиқлаган. «Қозоғистон иқтисодий ўсишининг ўртача суръатлари 2–3 фоиз, Қирғизистонники 3–3,5 фоиз. Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг иқтисодиёти тахминан олти фоизгача ўсади», — деган Карин.

Экспертнинг фикрича, Туркманистонда шу йил ўтказилиши режалаштирилаётган парламент сайловлари минтақага айтарли таъсирини ўтказмайди.

Кенгаш раиси Қирғизистонда муддатидан аввал парламент сайловлари бўлиб ўтиши эҳтимолини ҳам инобатдан соқит этмаган.