Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған АҚШда Туркиянинг Halkbank банки директори ўринбосари Мехмет Ҳақан Атилла устидан ўтаётган суд жараёнида Туркияда давлат тўнтарувига янги уринишни кўрмоқда. Эрдўған бу ҳақда етакчи партиянинг парламентдаги фракцияси олдидаги нутқида айтиб ўтди.   

“15 июлда давлатимизда давлат тўнтарувини амалга ошира олмаганлар, ҳозирда уни амалга оширишнинг бошқа йўлларини қидирмоқдалар. АҚШда ҳозирда Атилла иши бўйича олиб борилаётган жараён – тўнтарувга уринишнинг сиёсий ташкил этувчиси манзилидир”, деб айтган Эрдўған. 

Атилла АҚШда 2017 йил март ойида ҳибсга олинган. Айблов томонининг таъкидлашича, Атилла турк-эрон тадбиркори Ризо Зарраб билан АҚШ санкцияларини четлаб ўтган ҳолда Эронга кўп миллион долларлик транзакцияларни ташкиллаштириш учун тил бириктирган. Зарраб бу битим учун Туркия молия вазирига пора сифатида 50 млн доллар тўлаганини тан олган. Шунингдек, у Эрдўғанга қарши кўрсатма берган. Заррабнинг айтишича, Эрдўған ҳаммасидан хабардор бўлган.  Куни-кеча ҳакамлар суди Атиллани айбдор деб топган, ҳукм 11 апрелда маълум қилинади.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғлунинг айтишича, АҚШ Атиллани мухолифатчи Фатҳулла Гулен тарафдорлари ташаббуси билан ҳибсга олган. Туркия бош вазири ўринбосари Бакир Боздаг эса Зарраб ва Атиллага нисбатан қўзғатилган ишни Анқарага қарши фитна деб атаган.

Туркия ҳукумати 2016 йил 16 июлга ўтар кечаси Туркияда содир этилган тўнтарувга уриниш ортида айнан Гулен туради, деб ҳисоблайди. Исён бостирилгандан кейин Туркияда 50 мингдан кўпроқ одам ҳибсга олинган, 140 минг давлат хизматчиси ишдан бўшатиб юборилган.