Вазирлар Маҳкамасининг 5 январдаги 7-сон қарори билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида намунавий низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ижтимоий тармоқдаги Ҳуқуқий ахборот каналида хабар берилган.

Низомга асосан жисмоний ва юридик шахслар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Мурожаат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши лозим.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари маҳалла раиси томонидан узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколати доирасига кирмайдиган келиб тушган мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга, бошқа ташкилотларга ва мансабдор шахсларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.