Халқаро тиббиёт доираларида таниқли бўлган кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Қаландар Бобожонов Ватанга қайтиш ва юртдошлари саломатлиги йўлида ўзининг касб фаолиятини давом эттиришга қарор қилди. Бу ҳақда «Жаҳон» АА хабар берган. 

Фото: Facebook

Президент Шавкат Мирзиёевнинг хориждаги юртдошларни ватан равнақига ўз ҳиссаларини қўшишга даъват этгани кейинги йиллар давомида Украина тиббиёт фанлари академиясининг Н. Амосов номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги Миллий институтида бош маслаҳатчи бўлиб ишлаётган шифокорнинг ана шундай қарорга келишига сабаб бўлди. 

Шуни қайд этиш жоизки, Қ. Бобожонов Ўзбекистонда биринчи бўлиб Фонтен, Глен Биглен операциялари тажрибасини, мураккаб туғма юрак нуқсони ҳолатида артериал жарроҳлик, юрак-ишемик касаллиги бўлгани ҳолатида ишлаб турган юракда аортокоронар шунт ўрнатишни амалиётда қўллаган, яъни алоҳида хизмат кўрсатган шифокордир. У 2002 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвонига сазовор бўлган.

Олим ўзининг меҳнат фаолияти давомида Лусака (Замбия)даги Университет шифохонасининг Кардиожарроҳлик марказига асос солган. Қ. Бобожонов у ерда юрак патологияси билан боғлиқ 200 дан зиёд операцияларни бажарган. Хизмат кўрсатган тиббиёт ходими турли патологиялар ҳолатида очиқ юракда ҳаммаси бўлиб 8000 операция ўтказган. Жумладан, митрал ва аортал клапанларни протезлаш, икки клапанли протезлаш, Фалло тетрадаси касаллиги ва бошқа мураккаб туғма нуқсонлар билан боғлиқ операцияларни амалга оширган.