Иккинчи сменада ишловчи аёллар бошқаларга нисбатан кўпроқ кўкрак бези, тери ва овқат ҳазм қилиш органлари саратонидан азият чекишар экан. Cancer Epidemiology, Biomarkers & Prevention журналида тиббиёт ходимларининг шу мавзудаги тадқиқот натижалари тақдим этилди. 

"Тадқиқотимиз натижаларига кўра, тунги сменада ишлаш аёлларда энг кўп тарқалган саратон шаклларининг ривожланиш хавфини оширувчи омил ҳисобланар экан. Биз томонимиздан йиғилган маълумотлар уларни қандай ҳимоялаш мумкинлигини тушунишга ёрдам беради, шунингдек бундай ходимлар ҳозирнинг ўзиданоқ мунтазам равишда текширувдан ўтиши кераклигига ишора қилади", - деди Чэнду (Хитой)даги Сичуань провинцияси университетидан Сюэлей Ма. 

2007 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тақдим этган ҳисоботга кўра, экспертлар тунги сменада фаолият юритиш тана биоритмларида бузилишларнинг ривожланишига ва саратон, шу жумладан кўкрак бези саратони ривожи имкониятларининг ошишига олиб келишини маълум қилишган. Олимларнинг таъкидлашича, уйқу ва тетиклик цикллари бузилган жониворларни кузатиб, шундай хулосаларга келинган. 

Кейинчалик бу хулосаларга шубҳалар билдирилган - Оксфорд шифокорлар жамоаси аёллар саломатлигини кузатишга доир уч йирик лойиҳа статистикасини таҳлил қилди ва тунги фаолият аёлларда саратонга мойилликни келтириб чиқаришига ҳеч қандай асос топа олмади. 

Ма ва унинг ҳамкасблари буни текширишга киришишди - улар Шимолий Америка, Европа, Автсралия ва Осиёда яшовчи деярли 4 миллион аёл иштирок этган кузатувлар натижаларини бир жойга тўплашди. Улардан тахминан 114 минг нафари саратон қурбонига айланди, бу эса олимларга тунги сменада ишлаш аёлларда нафақат кўкрак бези саратони, балки ўсимталарнинг кўплаб бошқа турлари ривожланишига ҳам таъсир кўрсатишини кузатиш имконини берди. 

Маълум бўлишича, тунги сменада ишлаш ҳақиқатда кўкрак бези саратони ва кўплаб бошқа ўсимталар эҳтимолини оширган, бироқ барча аёлларда эмас - фақат Европа ва Шимолий Америкада яшаган аёлларда. Манинг фикрича, бу европалик ва америкалик аёлларда жинсий гормонлар даражаси сайёранинг бошқа бурчакларидаги аёлларга нисбатан юқори экани билан боғлиқ. 

Тунги сменада фаолият юритган америкалик ва европалик аёлларда ҳар қандай турдаги саратон ривожи хавфи бошқаларга нисбатан ўртача 19 фоизга юқори экан. Шу билан бирга, улар тери саратонидан - 40 фоизга, кўкрак бези саратонидан - 32 фоизга ва ошқозон-ичак тизими саратони шаклларидан 18 фоизга кўпроқ  жабрланиши қайд этилган. 

Олимларнинг таъкидлашича, улар яна бир ташвишли тенденцияни аниқлашга муваффақ бўлишган - аёллар кечки пайт қанча интенсив ишлашса, бунинг таъсири шунча юқори бўлар экан. Хусусан, тунги сменада ишлашнинг ҳар беш йили кўкрак бези саратони ривожи эҳтимолини 3,3 фоизга оширади.