Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 январдаги 13-сон қарори билан Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда бўлишнинг намунавий қоидалари ва Айрим муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда бўлиш учун ҳақ ундириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ижтимоий тармоқдаги Ҳуқуқий ахборот каналида хабар берилган.

Намунавий қоидаларга кўра муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда қуйидагилар тақиқланади:

ўзлари билан ўқотар қурол, ит, ёввойи ҳайвонларни овлашга мўлжалланган аслаҳалар олиб кириш, агар йўналиш режимга мувофиқ тарзда балиқ овлаш жойларидан ўтса — қармоқ бундан мустасно;

ёввойи ҳайвонларга овқат бериш, шунингдек, ҳайвонларни тутиш (овлаш), уялар, инлар, маконларни бузиш, дарахт ва буталарни кесиш ҳамда уларга зарар етказиш, гуллар, қўзиқоринлар, мевалар, шифобахш ва техник ўсимликларни териш; 

рухсат этилмаган жойларда чайлалар қуриш ва палаткалар ўрнатиш, олов ёқиш, тоғ жинсларига, тошларга, юмалоқ катта тошларга, дарахтларга ёзувлар ёзиш, табиий объектларнинг ташқи кўринишини бузиш, сув объектлари, йўналишлар ва майдонларни ифлослантириш ва булғаш, рухсат этилмаган жойларда чекиш, йўналишдан чиқиш, ўзбошимчалик билан йўналишни ўзгартириш.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ташриф буюрувчиларга қонунчиликда белгиланган тартибда пуллик хизмат кўрсатиши мумкин.

Фуқароларининг қуйидаги тоифаларидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда бўлиш учун ҳақ олинмайди:

иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар, иккинчи жаҳон уруши фронт орти меҳнат фахрийлари;

I ва II гуруҳ ногиронлари, меҳнат фахрийлари ва нафақадаги шахслар, “Саховат” интернат-уйлари қарамоғидаги шахслар;

7 ёшгача бўлган болалар, “Меҳрибонлик” уйлари ва “Мурувват” болалар интернат-уйлари тарбияланувчилари; 

оддий аскар ва сержант таркибига кирувчи лавозимларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар.

Ҳужжат матни билан www.lex.uz орқали танишиш мумкин.