Пентагон раҳбари Жеймс Мэттис Япония мудофаа вазири Ицунори Онодэра билан телефон орқали музокаралар давомида Токиодан Америка вертолётлари билан боғлиқ ҳодисалар учун узр сўради. Бу ҳақда NHK телеканали хабар бермоқда.

Ўз навбатида, япониялик вазир Мэттисни бундан буён шундай ҳодисалар юз бермаслиги учун чоралар кўришга чақирди.

Бундан ташқари, улар Жанубий Корея ва КХДР ўртасида бошланган музокараларни муҳокама қилган. Онодэра ва Мэттис Япония, АҚШ ҳамда Жанубий Корея ўртасида КХДРга максимал босим ўтказиш мақсадида қалин ҳамкорликни давом эттириш лозимлигини тасдиқлаган.

Эслатиб ўтамиз, 6 январь куни АҚШ ҳарбий вертолёти Япониянинг Окинава префектурасидаги Икэи оролига фавқулодда қўнди. Ҳодиса Футэмма шаҳридан унча узоқ бўлмаган ерда юз бериб, вертолёт очиқ майдонга қўнишга мажбур бўлган.

Бу воқеадан икки кун аввал эса АҚШнинг бошқа бир ҳарбий вертолёти Окинава оролидаги меҳмонхона ёнига фавқулодда қўнди.