Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги Одил ал-Жубайр декабрда Сурия мухолифатига саъй-ҳаракатларини Сурия ҳукумати билан ҳарбий қарама-қаршиликдан сиёсий келишувларга қаратишни тавсия қилди. Бу ҳақда Foreign Policy нашри маълум қилди. 

Нашрнинг Сурия мухолифати вакиллари орасидан бўлган манбаларга иқтибос келтирган ҳолда таъкидлашича, ал-Жубайр Сурия мухолиф гуруҳлари етакчилари билан учрашганда 29-30 январда Сочида ўтадиган конгрессда Сурия президенти Башар Асад ҳукумати билан келишишни таклиф қилган. Унинг фикрича, бу мухолифатга Сурияда сиёсий ўтиш бўйича амалдаги тузум билан келишув тузишда муайян устунликларни беради.

Вазир, шунингдек, Ар-Риёд мухолифатга ҳарбий кўмакни қисқартирмоқчилигидан огоҳлантирган. 

Нашрнинг ёзишича, мухолифат АҚШнинг ҳарбий кўмагидан мосуво бўлган.

“Саудия Арабистонининг позицияси БМТ раҳбарлигида Женевада ўтаётган 5 йиллик жараён билан муваффақиятли рақобат қилаётган Россия дипломатиясининг Суриянинг урушдан кейинги келажагини белгилаш масаласида муваффақиятини таъкидлайди”, дейилган нашрда.

Мақола муаллифининг айтишича, Сурия АҚШ дипломатиясининг ушқоқмаслигига мисол бўла олади. “АҚШ бу масалада Россияга ютқазди”, деб айтган муаллиф.

Нашр, шунингдек, АҚШнинг ИШИДга қарши курашувчи коалициядаги собиқ вакили генерал Жон Алленнинг сўзларини келтириб ўтган. Генералнинг фикрича, АҚШ урушдан кейинги Сурияда муҳимроқ роль ўйнашни истаса-да, унинг бу масалада уюшқоқмаслиги уни бундай имкониятдан маҳрум қилди.    

“Сиёсий йўналиш катта даражада руслар томондан йўналтирилмоқда. Афсуски, ҳозирда АҚШда бу жараёнда етакчилик қилиш ёки иштирок этишга имкониятлар жуда кам”, деб айтган генерал.