Швейцариянинг тоғ-чанғи курорти Церматтда кучли қор ёғиши сабабли 13 мингга яқин сайёҳ қолиб кетди. Қор автомобиль ва темир йўл алоқасини ташқи дунёдан узиб қўйган. Бу ҳақда 20min портали хабар қилди.

“Душанбадан бошлаб Вале кантонидаги бир нечта водий қор туфайли ташқи дунёдан узилиб қолган. Ҳозир Церматт курортида 13 минг киши дам олмоқда. Айни вақтда курортдан кетиш ва унга боришнинг иложи йўқ”, деб айтган курорт вакили Жанин Имеш.

Курортга олиб борувчи энг йирик автомобиль йўли 8 январь эрталабдан ёпиқ. Шу куни кечга яқин поездлар қатнови ҳам тўхтаган. Бу курортдаги меҳмонхоналар ва апартаментлар 13,4 минг ўринга эга. Бу ерда шунингдек 5,5 минглик аҳоли яшайди. “Ҳозирда курортда ҳамма осма йўллар ёпилган. Тоғлардаги сўқмоқлар бўйлаб сайр қилиш тақиқланган. Сайёҳлар орасида саросима йўқ, бу ҳолат ҳатто жуда романтик бўлмоқда”, деб айтган курорт вакили.

Курортнинг катта қисми 9 январь эрталаб электр таъминоти йўқлиги сабаб қоронғиликка чўмган. Сайёҳлар учун нонуштани шамларда тайёрлашга тўғри келган.

Церматт Швейцариядаги энг машҳур ва оммавий курортлардан бири ҳисобланади. У 4 минг километрлик Альп тоғлари билан қуршалган. Курортда автомобиллар ҳаракатланиши тақиқланган. Бу ерга фақат поезд ёки Тэш станциясидан таксида келиш мумкин.