9 январь куни Henley & Partners компанияси паспортларнинг дунёнинг турли мамлакатларига визасиз кириш имкони бўйича таснифланувчи йиллик индексини тақдим этди. 2018 йилда дунёнинг 200 мамлакат ва ҳудудлари таҳлил қилиб чиқилди. 

Сўнгги беш йилда рейтингнинг биринчи ўрнини ўзгаришсиз Германия эгаллаб келмоқда. 2018 йилда бу мамлакат паспорти билан дунёнинг 177 давлатига визасиз саёҳат қилиш мумкин бўлади. Иккинчи ўрин Сингапурга насиб этди - 176 мамлакатга визасиз кириш имконияти. Учинчи поғона бирйўла учта мамлакат ўртасида тақсимланди: Буюк Британия, Италия, Франция. Ушбу мамлакатлар фуқаролари дунёнинг 175 давлатига визасиз саёҳат қилиш имконига эгалар. Уларнинг аксарияти бир йил ичида ўз кўрсаткичларини яхшилашга муваффақ бўлди. 

2018 йилги рейтингда Украина МДҲ мамлакатлари орасида биринчи, жаҳон индексида эса 44-ўринни эгаллади. Россия индексда 48-поғонада қайд этилди ва ўз ўрнини Молдова Республикаси ҳамда Черногория билан бўлишди. Бу мамлакатлар аҳолиси 110 мамлакатга визасиз кириш имконига эга. МДҲнинг деярли барча мамлакатлари бир йил ичида визасиз киришга доир кўрсаткичларни яхшилашга муваффақ бўлди. 

Жумладан, Ўзбекистон ўтган йилги кўрсаткичларини бироз яхшилашнинг уддасидан чиққан - жорий йилда у 83-ўриндан 81 поғонага кўтарилган. Қозоғистон рейтингнинг  65-ўрнида, Озарбойжон эса 72-ўрнида қайд этилган.

Рейтингдаги сўнгги ўринда Афғонистон қайд этилди. Унинг фуқаролари дунёнинг 24 мамлакатига визасиз кириш имконига эга. 

Дастлаб Виза чекловлари индекси номи билан танилган Henley & Partners паспортлар индекси (2018 йилда қайта номланган) 2006 йилдан буён IATA (Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси) билан ҳамкорликда тақдим этилади. 

Манба: Henley & Partners