Наврўз байрами арафасида Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида саккиз йил аввал ёпилган «Самарқанд-Панжакент» халқаро назорат-ўтказиш пункти (НЎП) иши тикланади.

Бугунги кунда томонлар НЎПни очиш бўйича тайёргарлик ишларини олиб бормоқда, чегара ва божхона назорати иши йўлга қўйилмоқда, чегараолди инфратузилмаси фаол тайёрланмоқда, деб хабар берди «АП» Тожикистон ҳукумати куч блогидаги манбага таянган ҳолда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Тожикистонни 2010 йилнинг 1 ноябридан Тожикистоннинг Зарафшон водийсидаги Саразми ва Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятидаги Жартепани боғлаб турувчи, чегарадаги халқаро ўтказиш пункти ўз ишини тўхтатиши ҳақида хабардор этган.

Таъкидланишича, бугунги кунда Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарасида иккита халқаро НЎП 24 соат давомида ишламоқда.