АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Вашингтон Сальвадорнинг аввал АҚШда ишлаш ва яшаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролари учун ишлашга рухсатлар амал қилишини тўхтатишини маълум қилди.  

“Би-би-си”нинг хабар беришича, АҚШни 2019 йилгача 200 мингга яқин сальвадорлик тарк этади, акс ҳолда улар ҳибсга олиниб, депортация қилинадилар.

Сальвадорликлар учун гуманитар дастур 2001 йилдан амал қилади ва Марказий Америкадаги бир қатор зилзилалардан кейин киритилганди. Ўшанда зилзилалар оқибатида мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлган, 1,3 млн киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.

Аввалроқ Трамп маъмурияти шунга ўхшаш дастурларни Ҳаити, Судан ва Никарагуанинг ўн минглаб фуқароларига бекор қилганди.

Бундай дастурлар 1990-йилларда ишлаб чиқилган ва бир нечта давлатлардан келган муҳожирларга улар чегарани қонуний ёки ноқонуний кесиб ўтганларидан қатъий назар, АҚШ ҳудудида яшаш ва ишлаш имконини беради. Бундай ҳуқуқни табиий офатлар ёки ҳарбий ихтилофлардан азият чеккан давлатлар фуқаролари оладилар. Бу дастур бўйича АҚШга айнан Сальвадор фуқаролари энг кўп кирган.

Оқ уйнинг бу қарори тарафдорларининг фикрича, айни вақтда Сальвадорда шароитлар одамлар қайтиши учун мақбул ҳолатга келган. Уларнинг айтишича, бу дастур бошидан вақтинчалик чора сифатида қўлланган. Бундан ташқари, Трамп маъмуриятининг таъкидлашича, АҚШга кирувчи сальвадорликларнинг аксарияти MS-13 жиноий гуруҳи аъзолари ҳисобланадилар.

Бу қарорга қаршиларнинг фикрича эса айни дамда Сальвадорда ночорлик ва зўравонлик авж олган, қотиллик даражаси дунёдаги энг юқорилардан биридир. Бундан ташқари, Сальвадорда яшовчиларнинг кўпчилиги АҚШда ишлайдиган қариндошлари юборадиган пулга кун кечирадилар.

Вашингтон 2018 йилда шундай дастурлар бўйича Непал, Сомали, Сурия, Ҳондурас ва Ямандан бўлган муҳожирлар учун қарор қабул қилади.