Россиянинг Челябинск областидаги Пласт-Варламово трассасида юз берган йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг ёш бола машинанинг олд ойнасидан учиб чиқиб кетди. Ушбу ҳолат тасвирланган видео "ВКонтакте" ижтимоий тармоғидаги "На дорогах Магнитки" саҳифасида эълон қилинди.

Гувоҳларнинг маълумотларига кўра, Daewoo Matiz қарама-қарши йўлга чиқиб кетган ва ВАЗ-2115 билан тўқнашган. Зарба Matiz’нинг ўнг томонига келиб тушган, болалар ўриндиғида ўтирган ёш бола автомобилнинг олд ойнасидан учиб чиқиб кетган ва бурнини синдириб олган, унинг онаси ҳам жароҳатланган.

Хабар қилинишича, тез тиббий ёрдам етти дақиқадан сўнг етиб келган. Бу вақт давомида бошқа ҳайдовчилар ёш болага биринчи ёрдам кўрсатишди ва ҳар ёққа сочилиб кетган нарсаларни йиғиб беришди.