Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ЎРҚ-459-сон Қонуни имзоланди.

Қонун билан алимент олиш ҳуқуқига эга шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган бир қатор ўзгартиришлар киритилди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлигининг Телеграм месенжеридаги «Ҳуқуқий ахборот» канали — @huquqiyaxborot

Эндиликда:

Меҳнат кодексининг 164-моддасида алимент тўлашга мажбур бўлган шахсга бир вақтнинг аҳлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жиноий жазо қўлланилаётган бўлса, ходимнинг ойлик иш ҳақидан ушлаб қолишнинг чекланган миқдори 50 фоиздан 70 фоизга ўзгартирилди.

Оила кодексининг 99-моддасидаги ҳар бир бола учун алимент миқдори қонунчиликда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг 75 фоиздан (илгари 1/3 қисм) кам бўлмаган миқдорда белгиланди (оширилди).

Мазкур қоида ҳар бир болага тўғри келадиган алимент миқдори жуда ҳам паст даражада бўлганлиги сабабли киритилди.

Оила кодексининг 140-моддаси бола вояга етгунига қадар муддатга алимент тўловларини, хусусан кўчар ва кўчмас мол-мулк ёки бошқа қимматли нарсалар бериш орқали олдиндан тўлаш имкониятини назарда тутадиган қоидалар билан тўлдирилди.

Мазкур қўшимча алимент тўлашнинг турли методларини таъминлаш учун киритилди.

«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 42-1-моддаси алимент тўлашга мажбур шахс томонидан алиментни олдиндан тўлаш ёки гаров шартномаси тузиш ҳолатларида, ушбу шахсга республикадан чиқишга қўйилган тақиқни олиб ташлашни назарда тутган қоидалар билан тўлдирилди.

Мазкур қоида вояга етмаган боланинг қонуний ҳуқуқларини бузмаган ҳолда алимент тўлашга мажбур шахсдан хорижга чиқиш чекловларини олиб ташлаш имконини беради.