KUN.UZ таҳририятига Андижон шаҳри, Пистамазор маҳалласида яшовчи бир гуруҳ нуронийлардан мурожаат келиб тушди.

Мактубда ўтган йилнинг июнь ойи шаҳарни кўркам кўринишга келтириш, ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш мақсадида «Пистамозор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп қаватли уйлар, масжид ва қабристон атрофидаги бир қатор савдо шохобчалари, чойхона бузиб ташлангани айтилади. Ҳокимият вакиллари ўша пайтда бузилишлар натижасида ҳаракатланиш учун яроқсиз ҳолатга келган йўл ва бинолар қурилиши тез кунларда амалга оширилишига ваъдалар берган экан.

Бироқ, ўтган ойлар давомида бузилган бинолар ўрнига янгиларини қуриш ишлари бошлангани йўқ. «Пистамозор» масжиди атрофидаги йўл ёғингарчилик кунлари аҳолига катта ноқулайлик туғдирмоқда.

Аҳоли вакиллари томонидан мазкур муаммони ҳал этилиши учун мутасадди ташкилотларга кўп бора мурожаат қилган. Лекин, Андижон шаҳар ҳокими ўринбосари томонидан кўчани ободонлаштириш учун маблағ йўқ эканлиги мазмунидаги жавоблар берилган.

Мурожаатчилар бу жавобдан таажжубланиб: «Шу ҳам жавобми? Нега бузишдан олдин қуришни ўйлаб иш кўришмади?», дея ҳайрон бўлишмоқда. Пул ажратилмаган, қилинадиган ишлар режага киритилмаган бўлса, одамларга шароит яратишга шошилиш керак, ахир?

Демак, серқатнов йўлнинг ҳали-бери асфальт бўлиши ноаниқ. Бузилган дўконлар ўрнида ҳам иш бошлангани йўқ.

Айни пайтда масжид атрофидаги автомобиллар қўйиш жойига озгина шағал тўкиб, бир қадар эпақага келтирилган. Лекин, унинг олдидан ўтган йўл жуда ачинарли ҳолатда. Ёмғир ёки қор ёғадиган бўлса, шу йўлдан юрадиган мактаб ўқувчилари, ёши улуғ кишилар, аҳоли азият чекиши аниқ.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Ўйлаймизки, шаҳар ҳокимлиги аҳолини қийнаб келаётган муаммони тез кунлар ичида бартараф қилишга чоғланади.

Биз мазкур муаммога яна қайтамиз...